(8-436) 21-000-22
Dushanba - Juma: 08:00-17:00

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси

Муҳтарам депутат ва сенаторлар! 

Азиз ватандошлар! 

Ҳурматли меҳмонлар! 

Бугун биз барчамиз жонажон Ватанимизнинг сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеада иштирок этмоқдамиз. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этилмоқда. 

Сизларга яхши маълумки, дунёдаги кўпчилик тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд. 

Давлат бошқарувининг бундай демократик усули бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, бизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман. 

Бугунги нуфузли анжуманда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари билан бирга, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий Кенгашларга сайланган халқ ноиблари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда. 

Тараққиётимизнинг янги босқичи бўлган 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномани эътиборингизга ҳавола этишга рухсат бергайсиз. 

Аввало, йил давомида мамлакатимизни янада тараққий эттириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилганини таъкидлаш жоиз. 

Бу борада "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим қадам бўлди, десак, айни ҳақиқат бўлади. 

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўзгаришларнинг дастлабки натижалари аҳолимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, эл-юртимизнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда. 

Биз мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарорни халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилмоқдамиз. "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя бу борада фаолиятимиз мезонига айланмоқда. 

Давлат ходимлари, аввало, биринчи раҳбарлар фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга бориб, аҳолини безовта қилаётган энг долзарб муаммоларнинг амалий ечими билан шуғулланмоқда. 

Шу маънода 2017 йил халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақлимиз. 

Бу тизимнинг асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институти сифатида амалда ўзини оқламоқда. 

Қисқа муддатда ана шу қабулхоналарга бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилгани ва қанча-қанча одамнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ижобий ечилгани Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатмоқда. Жойларда раҳбарларнинг йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезлик билан бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлди. 

Айнан халқимиз манфаатларини ҳисобга олиб, ижтимоий адолатни таъминлаш бўйича энг муҳим институт бўлган суд-ҳуқуқ соҳасида, прокуратура ва ички ишлар органлари тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда атрофлича сўз юритилгани учун, ўйлайманки, бугун бу мавзуда ортиқча тўхталиб ўтиришга зарурат йўқ. 

Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш, Хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла” ва "Нуроний” жамғармалари ишини янада фаоллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Юртимизда яшаб келаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган 1100 дан ортиқ шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Ўйлайманки, бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга қаратилган ишларимизнинг яна бир тасдиғидир. 

2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамларни қўйдик. 

Иқтисодиётимизни мутлақо янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича қатор қонунлар, фармон ва қарорлар, пухта ўйланган дастурлар қабул қилинди ва улар изчил амалга оширилмоқда. 

Мамлакатимизда қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу биз учун келгуси йилда қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Масалан, Тошкент иссиқлик электр станциясида буғ-газ қурилмаси барпо этилди. Бу эса қўшимча равишда 2,5 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Шунингдек, Навоий иссиқлик электр станциясида иккинчи буғ-газ қурилмаси, Қизилқум бағридаги Авминзо-Амантой олтин конлари негизида гидрометаллургия заводи қуриш бўйича ишлар давом этмоқда. 

Ҳозирги вақтда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан "Ёшлик – 1”, "Ёшлик – 2” конларини ўзлаштиришга киришилди. Сардоба, Марказий Фарғона ва Тўпаланг сув омборларини қуриш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Бу йирик иншоотлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида муҳим воқеа бўлади. 

Фарғона – Марғилон йўналишидаги темир йўл тармоғи айни пайтда электрлаштирилмоқда. 

Яна бир йирик объект – Қандим газни қайта ишлаш комплекси ишга туширилиши ҳисобидан 2018 йилда қўшимча равишда 4 миллиард 100 миллион куб метр табиий газни қайта ишлаш, 67 минг тоннадан зиёд конденсат, 106 минг тоннадан ортиқ олтингугурт ишлаб чиқариш имкони яратилади. 

Ўзбекистон иқтисодиётининг локомотивларидан бири бўлган Муборак газни қайта ишлаш заводида келгуси йили қўшимча равишда 6 миллиард куб метр табиий газни олтингугуртдан тозалайдиган блоклар тўлиқ фаолият бошлайди. Шулар қаторида "Ўзагротех-саноатхолдинг” акциядорлик жамиятида янги йилда 5 мингдан кўпроқ замонавий тракторлар, мингдан зиёд пахта териш машинаси ва 2 мингдан ортиқ прицеплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Бундай мисолларни яна узоқ давом эттириш мумкин. 

Энг муҳими, мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби танқидий қайта кўриб чиқилди. Амалий натижадорлик, инсон манфаати ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди. 

Айни шу асосда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт ҳажми қарийб 15 фоизга кўпайди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 854 миллион долларга етди. 

Миллий валютамизни эркин конвертация қилишга киришдик. Юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани тижорат банкларидан чекловсиз сотиб олиш ва эркин сотиш имконига эга бўлди. Чет эл валютасининг олди-сотди операциялари ҳажми либерализация даврига нисбатан 1,5 баробар ошиб, ўртача 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, давлатимизнинг олтин-валюта захиралари йил давомида 1,1 миллиард долларга кўпайди. 

Жорий йилда мамлакатимизда 12 та эркин иқтисодий ва 45 та саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилди ва бу ташкилий чоралар ҳудудларни жадал ривожлантириш имконини бермоқда. Яқин вақт ичида яна 50 та янги саноат зонасини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. 

Йил давомида биз учун ғоят муҳим бўлган янги иш ўринларини ташкил этиш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлди. 2017 йилда янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди. 

Ўз-ўзидан аёнки, биз аҳоли бандлигини таъминлашни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, бу масалага нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият беришимиз зарур. 

Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг ғоят муҳим йўналиши бўлган ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда. 

Маълумки, аҳолимизни, айниқса, бюджет соҳаси ходимларини, кам таъминланган оилаларни уй-жой муаммоси кўпдан буён қийнаб келарди. Бу оғир ижтимоий муаммога биз деярли эътибор бермай келганимиз ҳам бор гап. 

Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, биз жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришдик. Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни аввалги йилларга таққослайдиган бўлсак, 2007 йилга нисбатан 20 баробар, намунавий уй-жойлар қуриш дастури бошланган 2010 йилга нисбатан 3,5 баробар, 2014 йилга нисбатан эса 2 баробар кўп уй-жой қурилганини кўрамиз. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, биз кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўпқаватли уй-жойлар қуришни бошладик. 2017 йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида жорий йилда 420 минг квадрат метр кўпқаватли уй-жой фонди фойдаланишга топширилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробар кўпдир. 

Одамларимизнинг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашда бу муҳим масаланинг нақадар ўткир ва долзарб муаммо бўлиб турганини ҳисобга олиб, бу ишларнинг ҳажмини оширган ҳолда, биз янги йилда ҳам албатта давом эттирамиз. Чунки, халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир. 

Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан аниқ чоралар кўрилди. Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ана шу маблағлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароити яхшиланмоқда. Шу билан бирга, мазкур ҳудудларда 3 минг километрдан ортиқ ички йўллар капитал таъмирланди ва реконструкция қилинди. 

Жорий йилда янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилди. 12 та умумтаълим мактаби янгитдан барпо этилди, 320 таси реконструкция қилинди, 152 та мактаб капитал таъмирланди. Шунингдек, 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди. 

Фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этдик. Биз ушбу соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашимиз, жумладан, яқин 3-4 йилда барча ҳудудларда минглаб янги боғчалар қуришимиз, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтаришимиз лозим. 

Кўплаб ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосида юртимизда 11 йиллик таълим қайта тикланди. 

Жойлардаги ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун Тошкент вилоятида Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилди. Бундан ташқари, 15 та олий таълим муассасасида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларда ўрта махсус маълумотга эга бўлган 5 мингдан ортиқ педагоглар учун олий маълумот олиш имконияти яратилди. 

Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номлари билан аталадиган, аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган махсус мактаблар ташкил этилди. 

Олий таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди. 

Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди. Шулар қаторида Олмалиқ шаҳрида Москва пўлат ва қотишмалар институтининг, Тошкент шаҳрида эса АҚШнинг Вебстер университетининг филиалларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилганини таъкидлаш лозим. Олий таълим муассасаларида иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, сиртқи ва кечки бўлимлар очилди. 

Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, унинг таркибида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг Фанлар академиясига сайлов ўтказилиб, ўзининг илмий ишлари билан мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ном қозонган истеъдодли олимлар академик деган юксак шарафга сазовор бўлдилар. Энди барчамиз Фанлар академиясидан янги илмий ишланмалар, истиқболли тадқиқотлар яратиш бўйича амалий натижалар кутиб қоламиз. 

Буларнинг барчасидан биз ягона бир мақсадни кўзда тутмоқдамиз. Яъни Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт. 

Азиз дўстлар! 

Жорий йилда маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳақида гапирганда, аввало, маданият, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот воситалари соҳасига тааллуқли 12 та муҳим ҳужжат қабул қилинганини қайд этиш лозим. 

Юртимиздаги ижодий уюшмаларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш "Илҳом” жамоат фонди, шунингдек, маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида "Дўстлар клублари” ташкил этилди. 

Яна бир муҳим янгилик – Тошкент шаҳридаги Миллий боғ ҳудудида муҳташам Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси, Қорақалпоғистонда ва бир қатор вилоятларимизда улуғ адибларимизнинг номлари билан аталган ижод мактаблари барпо этилди. Шунингдек, Қўқон шаҳри, Хоразм ва Жиззах вилоят драма театрлари қайта реконструкция қилинди, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ташкил этилди. 

Маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлган ана шундай лойиҳалар ҳақида гапирганда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланганини алоҳида қайд этиш зарур. Шулар қаторида буюк алломаларимизнинг ёдгорлик мажмуалари қошида ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги, тасаввуф, калом ва ақида илми каби диний-маърифий йўналишларни ўрганиш бўйича махсус мактаблар ташкил этилди. Албатта, бизнинг бу ишларимиз чуқур илмий ва амалий асосларга эга. 

Маълумки, қадимий маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққан. Уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси, бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонимизнинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланмоқда. Афсуски, бу нодир китоблар ҳали тўлиқ ўрганилмаган, улар олимлар ва ўз ўқувчиларини кутиб турибди. Ушбу ноёб асарларда бугунги давр ўртага қўяётган жуда кўп долзарб муаммоларга жавоб топиш мумкин. Хусусан, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, барча одамларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган теран маъноли фикр ва ғоялар бугун ҳам ўз қиммати ва аҳамиятини йўқотган эмас. Лекин биз ана шундай ноёб мерос ворислари, шундай бойлик эгалари бўлатуриб, уларни ҳар томонлама ўқиш-ўрганиш, халқимиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёшларимизга, жаҳон ҳамжамиятига етказиш бўйича, етарли иш қилмаганимизни ҳам очиқ тан олиш керак. 

Биз диний жаҳолатга, зарарли оқимларга қарши маърифат билан курашиш кераклиги ҳақида кўп гапирамиз. Бу тўғри, албатта. Лекин маърифат, маърифий билимлар қаерда – аввало ота-боболаримиз бизга қолдириб кетган мана шундай мўътабар китобларда эмасми? 

Бизнинг ушбу йўналишдаги барча амалий ҳаракатларимиз айнан мана шундай эзгу мақсадга қаратилган бўлиб, нафақат мамлакатимиз ва мусулмон дунёсида, балки жаҳон миқёсида ҳам катта қизиқиш ва эътибор уйғотмоқда. Ана шундай бебаҳо бойликка, минглаб билимдон уламолар, фаол зиёлиларга эга бўлган, бу соҳада катта ташаббуслар билан чиқаётган халқ ва давлат сифатида юртимиздан қандайдир ақидапараст, диний оқимларга берилган кимсаларнинг чиқиши албатта бизга ярашмайди. 

Ҳурматли мажлис иштирокчилари! 

2017 йил жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича ҳам катта ишлар қилинди. Юртимиз ёшларининг спорт соҳасидаги ютуқлари барчамизни қувонтирмоқда. Жаҳон ва қитъа миқёсида янги-янги чемпионлар, шахмат бўйича халқаро гроссмейстерлар етишиб чиқмоқда. 

Якунига етиб бораётган йилда ўзбекистонлик спортчилар бокс, дзюдо, таэквандо, оғир атлетика, эркин кураш, самбо бўйича ўтказилган турли халқаро мусобақаларда салмоқли ютуқларга эришдилар. 2017 йил айниқса ўзбек миллий кураши тарихида ёрқин саҳифа бўлди. Сентябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгаши Бош ассамблеяси йиғилишида ушбу миллий спорт турини Осиё ўйинлари дастурига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди. Яъни 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтадиган 18-Осиё ўйинларида қитъамиз спортчилари ўзбек миллий кураши бўйича ҳам ўзаро беллашадилар. Энди жаҳон спорт майдонларида "ҳалол”, "ғирром”, "чала”, "ёнбош” деган сўзлар жаранглаб, ўзбек номини, Ўзбекистон номини дунёга тараннум этади. 

Айни вақтда биз Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг фаолиятини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқдамиз. Бўлғуси халқаро олимпиада ўйинлари ва бошқа нуфузли мусобақаларга тайёргарлик ишлари энди бутунлай янгича асосда йўлга қўйилади. 

Бугун, мана шу юксак минбардан туриб, барча спортчи ёшларимизга, уларнинг устоз ва мураббийларига миллий спортимизни ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун катта миннатдорчилик билдириб, янги зафарлар тилашга рухсат бергайсиз. 

Муҳтарам юртдошлар! 

Ўтган давр мобайнида ташқи сиёсат соҳасида хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришдик. 

2017 йилда 21 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди. Қабул қилинган ҳужжат ва келишувларни ўз вақтида тўлиқ бажариш мақсадида 40 та "йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда амалга оширилмоқда. 

"Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойилини амалда татбиқ этишга киришдик. Натижада минтақамизда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда. 

Туркманистон ва Қирғизистон билан стратегик ҳамкорлик ўрнатилди. Қозоғистон билан стратегик ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштириш борасида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди, 2 миллиард доллар миқдорида иқтисодий битимлар тузилди. Тожикистон билан ҳамкорлигимиз ҳар томонлама мустаҳкамланмоқда. Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида авиақатнов йўлга қўйилди. 

Қирғизистон билан давлат чегаралари тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган катта қадам бўлди. Қўшни Афғонистон Ислом Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлида муҳим келишувларга эришилди, янги иқтисодий лойиҳалар бўйича амалий ишлар бошланди. Шунингдек, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари, мусулмон мамлакатлари билан ҳам самарали битим ва келишувларга эришилди. 

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро тузилмалар билан алоқаларни янги босқичда давом эттирмоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлигимиз тикланди, Европа инвестиция банки билан шериклик алоқалари ўрнатилди. Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки билан ўзаро ҳамкорлик самарали тус олмоқда. 

Мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Албатта, йил давомида амалга оширган ишларимиз тўғрисида яна кўп гапириш мумкин. Лекин буларнинг барчаси биз танлаган узоқ ва машаққатли, айни пайтда ягона тўғри йўлдаги дастлабки қадамлар, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. 

Фурсатдан фойдаланиб, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга оширишда муносиб иштирок этган давлат ва нодавлат ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ва компанияларга, бу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман. 

Муҳтарам мажлис иштирокчилари! 

Мамлакатимизда шаклланган ижобий анъанага мувофиқ, энди сизлар билан бирга кириб келаётган янги – 2018 йилга қандай ном бериш ҳақида келишиб олишимиз керак. Биз бу масала бўйича кўп ўйладик. Йил давомида фуқароларимиздан Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига, давлат идораларига келган кўплаб мурожаат ва хатлар, жойларда бўлиб ўтган учрашувларда билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳам ҳисобга олдик, жамоатчилик фикрини ўргандик. 

Билдирилган таклиф ва тавсияларнинг барчасини инобатга олиб, мен янги – 2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном беришни таклиф этаман. 

Шу ўринда фаол тадбиркорлик деган тушунчага қисқача тўхталиб ўтиш зарур. Фаол тадбиркорлик бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган иқтисодий йўналишдир. 

Фаол тадбиркор деганда, биз рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни тушунамиз. Бундай тадбиркорлар сафини кенгайтириш, жумладан, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши шарт. Керак бўлса, хориждаги етакчи компания ва ташкилотларда тажриба орттириши, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиши учун уларга ҳар томонлама имконият туғдириб беришимиз лозим. 

Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади. 

Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак. Шунинг учун биз Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этдик ва унинг олдига аниқ вазифаларни қўйдик. Бу вазирлик нафақат иқтисодиёт соҳасида, балки бутун жамият ҳаётида энг муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос локомотив ролини бажаради, деб ишонамиз. 

Келгуси йилда илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунинг учун зарур молиявий ресурсларни сафарбар этиш, ушбу жараёнда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси эътиборимиз марказида бўлади. 

I. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари 

Ҳурматли халқ ноиблари! 

Бугунги кунда жамият ҳаётидаги мавжуд муаммоларни самарали ечиш, кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш зарурати давлат бошқаруви соҳасида мутлақо янги тизим яратишни тақозо этмоқда. Ўйлайманки, бунинг учун "Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вақти келди. 

Бу борада бошқа муҳим масалалар қаторида давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг муносиб ижтимоий таъминот тизимини яратиш, айни вақтда мансабдор шахслар жавобгарлигини оширишни ҳам кўзда тутиш мақсадга мувофиқдир. 

Биз бошқарув соҳасида биринчи навбатда ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, кадрлар, моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезон ва тартибларни жорий этишимиз зарур. 

Иккинчидан, ижро ҳокимияти органлари зиммасидаги вазифаларни амалга ошириш тартибини, уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш лозим. 

Учинчидан, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирларни қисқартириш ва бозор механизмларидан кенг фойдаланиш керак. Яъни давлат иштирокидаги бизнес тузилмаларини ташкил этишни чеклаш, бу борада бозорга хос механизмларни ишлаб чиқиш, давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш даркор. 

Тўртинчидан, ҳокимиятнинг вакиллик органлари ва ижро ҳокимияти идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни таъминлайдиган усул ва услубларни такомиллаштириб, ўта марказлашган бошқарувдан босқичма-босқич воз кечиш лозим. 

Давлат хизматларини бевосита қуйи бўғинларда кўрсатиш, маҳаллий ҳокимият идоралари учун молиявий ва бошқа имкониятларни кенгайтириш зарур. Бу борада мавжуд тартиб-таомилларни оптималлаштириш ва соддалаштириш, бошқарувнинг инновацион шаклларини жорий этиш лозим. 

Бешинчидан, давлат хизмати институтини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши таъсирчан кураш механизмларини жорий этиш керак. 

Бугун ҳаётнинг ўзи биздан профессионал, тезкор ва самарали давлат хизмати тизимини шакллантириш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишни талаб этмоқда. 

Юқорида зикр этилган вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини оғишмай амалга оширишимиз даркор. 

Маълумки, мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонун қабул қилинди. Шу асосда аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган давлат дастури изчиллик билан амалга оширилмоқда. Ана шундай ишларимиз натижасида шу йилнинг 9 ойида коррупция билан боғлиқ жиноятлар ўтган йилга нисбатан 33 фоизга камайди. Биз бундай натижаларни коррупцияга қарши кураш борасидаги узоқ ва давомли фаолиятимизнинг дастлабки самараси, деб қабул қилишимиз, бу йўлда янада қатъий иш олиб боришимиз шарт. 

Қадрли дўстлар! 

Ислоҳотларимиз самарасини оширишда парламент, депутат ва сенаторларнинг ўрни ва ролигаалоҳида тўхталишни жоиз, деб ҳисоблайман. 

Шу йил 12 июлда Олий Мажлис аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб, амалий чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаган эдик. Лекин бу дастур ижросидан халқимиз қандай наф кўрди, қайси депутат ёки сенатор одамларимизнинг оғирини енгил қилишга, соғлиқни сақлаш, экология, коммунал хўжалик, таълим ёки бошқа соҳаларда уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишга қандай ҳисса қўшди? 

Бу борадаги аниқ мисолларни халқимиз ҳаётда ҳам, матбуот ва телевидениеда ҳам кўраётгани йўқ. Бу – ҳақиқат. 

Афсуски, депутатлар, сенаторларимиз уйғониши керак, бу – ҳаёт талаби, деган гаплар гаплигича қолиб кетди. Яна бир бор айтаман, кутилган амалий натижа йўқ. 

Йил давомида билдирилган 136 та қонунчилик ташаббусидан бор-йўғи 27 таси депутатларга тегишли бўлиб, улар ҳам асосан амалдаги қонунларга Президентнинг фармон ва қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалардир. Шунинг ўзи парламентимиз фаолияти самараси етарли эмаслигини кўрсатмайдими? 

Нима, ислоҳотларни амалга ошириш учун фақат Президент фармон ва қарорлар қабул қилиши керакми? 

Қачон парламент, майли, кўп эмас, ҳеч бўлмаса битта соҳани тубдан яхшилашга қаратилган қарор ёки қонун ишлаб чиқади? Қачон бўлади бу иш? 

Эл-юртимиз сизлардан, муҳтарам халқ ноибларидан бу борада жавоб кутмоқда. Депутат ёки сенатор бўлиб сайландик, энди ўзимиз хоҳлаганча юрамиз, деган гаплар ўтмишда қолиб кетди. Яна бир бор айтаман, уйғониш керак. 

Афсуски, парламентимиз фаолияти кўп ҳолларда шунчаки расмий йиғилишлардан иборат бўлиб қолмоқда. 

Нима учун аниқланган муаммолар ёки сайловчилар кўтараётган масалалар тегишли қонунлар қабул қилиш йўли билан ёки ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиш билан ҳал этилмаяпти? Самарасиз назорат, қуруқ мажлисларнинг, айтинглар, кимга кераги бор? 

Парламентимиз соғлиқни сақлаш тизими, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда маҳаллий Кенгашларда ишчанлик, ўз-ўзини танқид руҳини яратишга бош-қош бўлиши зарурлиги таклиф қилинган эди. 

Бироқ бу соҳаларда парламент ва депутатларнинг ўрни етарлича сезилмаяпти. 

Бугунги кунда биронта ҳам ҳудудда соғлиқни сақлаш тизими аҳоли учун муносиб хизмат қиладиган даражада ташкил этилган, деб айтолмаймиз. 

Қонунчилик палатаси (Н.Исмоилов) ўз иш фаолиятида асосий эътиборни тизимдаги ана шу муҳим муаммоларни, айниқса, жойларда ҳал этишга қаратса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Керак бўлса, Қонунчилик палатасида соғлиқни сақлаш масалалари бўйича алоҳида қўмита ташкил этиб, унинг аъзолари асосан ҳудудларда фаолият кўрсатса, нур устига нур бўларди. 

Ҳисоботларга эътибор берсак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида гўёки ижобий ўзгаришлар юз бераётгандек туюлади, лекин улар фақат рақамларда акс этмоқда, холос. Бизга рақамлар эмас, аниқ натижа керак. 

Қачонки, ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади. 

Афсуски, биронта туманда халқ депутатлари Кенгашининг фаолияти намунали асосда ташкил этилгани йўқ. 

Сенат раҳбарияти (Н.Йўлдошев) юқори палатанинг бу йўналишдаги ишини танқидий кўриб чиқиши, аҳолининг фикр ва мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда, вакиллик органлари фаолиятини тубдан ўзгартириш бўйича зарур чораларни кўриши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни ҳам сусайтирмаслик лозим. 

Парламентимизнинг энг муҳим фаолияти – қонун ижодкорлигини ҳам камчилик ва нуқсонлардан холи, деб бўлмайди. Очиқ тан олиш керак, аксарият ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар туғдирмоқда. 

Ўзингиз айтинг, самарасиз ишчи гуруҳлар ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган, таъбир жоиз бўлса, "ўлик” қонунлар кимга керак? Ана шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз лозим. 

Бундан буён турли дастурлар ижроси доирасида қонун қабул қилиш амалиётини қайта кўриб чиқамиз. 

Барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт. 

Ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарур. Қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланишимиз керак. 

Олий Мажлис раҳбарияти қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус "майдон”лар яратиши зарур. Шу муносабат билан мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун Интернет тармоғида "Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиш зарур. Яъни бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари Кенгашлари кўриб чиқиши мажбурий экани қонунда белгилаб қўйилиши лозим. 

Биз яқинда Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтини ташкил этдик. Ушбу институт Олий Мажлисга келаётган турли таклифларни чуқур таҳлил қиладиган, таъбир жоиз бўлса, элакдан ўтказадиган илмий марказ бўлиши лозим. 

Яна бир муҳим масала – барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш керак. Бу жараёнда ҳам рақамлар кетидан қувиш амалиётидан воз кечиш лозим. Қоғозда юзлаб масалаларни ҳал қилгандан кўра, амалда бир нечта муаммони ҳал қилиб берсангиз, одамлар сизлардан рози бўлади. 

Мурожаатнома тўлиқ матнини ушбу хавола орқали ўқишингиз мумкин: 
Мурожаатнома